
ТОШКЕНТ, 2 сентябрь. /«Дунё» АА/. Кеча Тошкент шаҳрида мусулмон дунёси давлатларини бирлаштирувчи ААА рейтингига эга бўлган Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Бошқарувчилари кенгашининг 46-йиллик анжумани ўз ишини бошлади, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Инвестициялар ва ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, тадбир “COVID-19 шароитларида барқарорликни юксалтириш” бўйича панель муҳокамаси билан очилди ва унинг доирасида ИТБ иқтисодий барқарорликни таъминлаш учун сиёсий қарорлар қабул қилиш жараёнини қўллаб-қувватлашга қаратилган янги барқарорлик индекси жорий этилганлигини эълон қилди.
ИТБ Президенти Муҳаммад Сулаймон ал-Жассир, COVID-19 пандемиясидан кейин индекснинг яратилишига нима сабаб бўлгани ҳақида қўйидаги фикрларни билдирди: "COVID-19 пандемиясининг энг оғир сабоқларидан бири иқтисодий барқарорликнинг муҳимлиги бўлди. Бизнинг иқтисодий тизимларимиз бугунги кунда глобаллашган ва мураккабдир. Шунинг учун ушбу индексни сиёсатчиларга янада барқарор иқтисодиёт яратиш борасидаги ютуқларини кузатишга ёрдам бериш учун ишлаб чиқдик".
Сессияда иқтисодий барқарорликни оширишнинг долзарб механизмлари, хусусан, оилалар ва тадбиркорларни манзилли молиявий қўллаб-қувватлаш амалиёти ҳамда пандемиядан меҳнат ресурсларини трансформация қилиш учун имконият сифатида фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Барқарорлик индекси ИТБга аъзо 57 мамлакат сиёсатчиларига иқтисодий барқарорликни яхшилаш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатларнинг боришини кузатишда ёрдам бериши тахмин қилинмоқда.