
ТОШКЕНТ, 14 май. /«Дунё» АА/. Кеча Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида (ИТСВ) Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари Шарлотт Адриан билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.,
Вазирлик маълумотига кўра, музокаралар чоғида Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги кўп қиррали савдо-иқтисодий, инвестициявий, молия-техникавий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Унда республиканинг ЖСТга қўшилиши бўйича Ишчи гуруҳининг 5-йиғилишини ўтказиш масалалари, бўлажак Ўзбекистон – Европа Иттифоқи ҳамкорлик қўмитаси йиғилишининг кун тартиби ва томонларни қизиқтирган бошқа масалалар муҳокама қилинди.
Жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида товар айланмасининг 30%га ўсиши, шу жумладан, Европа Иттифоқининг «GSP+» Преференциялар бош тизими бенефициари мақоми туфайли Ўзбекистон маҳсулотларини Европа бозорига экспорт қилиш ҳажми 56%га ошиши кузатилди.
Музокаралар якунида томонлар Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган қўшма ташаббус ва дастурларни амалга оширишни жадаллаштиришга келишиб олдилар.